Жорий йилда вилоятимиздаги олий таълим муассасалари сони яна иккитага кўпайди. Эндиликда ТерДУдан ташқари И. Каримов номидаги Тошкент техника ва Тошкент аграр университетларининг Термиз филиаллари ҳам фаолият олиб бормоқда. Мухбиримиз муштарийларни хабардор этиш мақсадида олий таълим муассасаларининг раҳбар-ходимларига қуйидаги саволлар билан мурожаат этди.

  1. Университет ўз муваффақиятини қандай омиллар билан боғлайди?
  2. Бугунги кун талабига жавоб берадиган  мутахассис қандай бўлиши керак?
  3. Сиз фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаси талабалари келажакда юртимизнинг қайси соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади?
  4. Вилоятимизда олий таълим муассасаси  сони   учта бўлди. Энди рақобат қандай бўлади деб ўйлайсиз?
  5. Муассасада профессор-ўқитувчилари жамоасини шакллантиришда кўпроқ қайси жиҳатлар эътиборга олинмоқда?

Фахриддин Носиров,
И. Каримов номидаги Тошкент давлат техника  университети Термиз филиали директори ўринбосари

  1. Нуфузли олийгоҳларнинг илғор тажрибаларини ўзлаштиришни, фан ва техника янгиликларини, замонавий ўқув усулларини амалиётга  жорий  этиш  ҳисобидан  ҳам  юқори марраларга эга бўлиш мумкин.
  2. Вилоятимизда техника йўналишида маҳаллий мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, олийгоҳ филиали ташкил этилди. Бугунги кун ёшлардан замонавий ахборот технологияларидан тўлиқ фойдалана оладиган, чет тилларни биладиган мутахассислар бўлиб етишишни талаб қилмоқда. Биз ҳам дунёдаги етук университетлар ёшлари билан бемалол рақобатлаша оладиган мутахассисларни  тайёрлашни  бош  мақсад қилиб олганмиз.
  3. Университетимиз муҳандислик иши, архитектура, қурилиш, озиқ-овқат, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларида фаолият олиб борувчи малакали мутахассисларни етиштириб чиқаради.
  4. Олийгоҳларнинг кўпайиши давлатимизнинг олий таълимга бўлган эътиборининг самарасидир. Бу учта олийгоҳда ўзига хос йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлангани боисидан соғлом  рақобат  талабалар, тўгараклар, тадбирлар, илмий анжуманлар бўйича  юзага келиши табиий.
  5. Бир неча босқичли танлов асосида тажрибали ўқитувчиларни ишга қабул қилдик. Мақсадимиз техника, технология  бўйича  етук мутахассисларни етиштириб, воҳамизда  иш олиб бораётган ва  келгусида фаолиятини бошлайдиган саноат корхоналарини маҳаллий муҳандислар билан таъминлашдан иборат.

Чори БегимҚулов,
Тошкент  давлат  Аграр  университети Термиз   филиали   директори  

  1. Аграр йўналиш бўйича қатор лойиҳаларни ишлаб чиқиб амалиётга, таълим тизимига  татбиқ  этишни  мақсад  қилганмиз. Тошкент давлат Аграр университетидан малакали мутахассисларни  ишга таклиф  этдик. Таълим муассасамиз қошида  “Маслаҳат маркази” клубини ташкил этамиз. Бу ерда нафақат фермерлар, қишлоқ хўжалиги мутахассисларига керакли сабоқлар, балки  етиштирилган  маҳсулотларнинг ҳар жиҳатдан экспортбоплигини  таъминлаш   борасида  ҳам   кўмак  берилади.
  2. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор хорижий давлатлардаги мутахассислар билан бемалол рақобатга кириша оладиган, хорижий  тилларни  биладиганларнигина   талабга  жавоб  берадиган   мутахассис дейишимиз мумкин.
  3. Вилоятимиз кўп жиҳатдан қишлоқ  хўжалигига  ихтисослашган.  Қишлоқ хўжалигининг турли йўналишлари бўйича  келажакда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини  юксалтиришга  хизмат  қиладиган  касб эгаларини тарбиялаб чиқарамиз.
  4. Рақобат — ҳаёт қонунияти. Рақобат бўлган жойда юксалиш бўлади. Нафақат пойтахт дан, балки хориждан ҳам профессор ўқитувчиларни олийгоҳимизга ишга таклиф этиш истагидамиз. Фақатгина моддий техника билангина эмас,  маънавий-маърифий  жиҳатдан  ҳам  соғлом рақобатга  киришилганда  мақсадга етиш мумкин.
  5. Ўқитувчиларнинг малакаси, тил билиш салоҳияти, ахборот технологияларидан фойдаланиш даражасига қараб ишга қабул қилишни йўлга қўйганмиз.

Мазмунли  суҳбатингиз  учун  ташаккур!

Сарвар  ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan