Бош саҳифа / Иқтисодиёт / 30 яшар тадбиркор

30 яшар тадбиркор

Ёш тадбиркорлардан бири Ангор туманидаги “Инновацион Юксалиш ДСЖ” МЧЖ раҳбари Дилмурод Сатторов бугун 50 нафар кишини иш билан таъминлаган. У бир эмас, учта йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.

Дастлаб, тадбиркор томонидан янги қурилиб, ишга туширилган “Small Harwart” номли хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасасини кўздан кечирдик. 100 ўринли таълим масканида 70 нафар тарбияланувчи “Илк қадам” дастури асосида таълим-тарбия олмоқда. Масканда яратилган шароитлар эса жаҳон стандартларига мос равишда бўлиб, бундан ота-оналар ҳам хурсанд.

—     Ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда тижорат банкидан 500 миллион сўм кредит олиб, “Ёшлар меҳнат гузари”ни ташкил қилдим, — дейди Дилмурод Сатторов. — Унда шу ерлик аҳоли учун тикувчилик, гўзаллик салони ҳамда диагностика марказини ишга туширдим. У ерда асосан, туманимиз ёшлари ҳам ҳунар ўрганишиб, ҳам ишлашмоқда. Энг муҳими, улар вақтини беҳуда ўтказмаяпти. Озгина бўлса ҳам оиласига, ота-онасига ёрдам беришмоқда.

Тиниб-тинчимаган Дилмурод яқинда яна бир йирик лойиҳага қўл урди. Яъни “Наҳанг пайпоқлари” ва “Ям-ям лапша” маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган йирик корхона ташкил қилди. Ушбу лойиҳага 3,5 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди ва ҳозирда корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилаяпти.

Ёш бўлишига қарамай, ўзини ҳам, тенгдошларини ҳам иш билан таъминлаётган Дилмурод сингари воҳадошларимиздан ўрнак олсак арзийди. Зеро, унинг ташаббуслари на ўзини ва на оиласини эплай олмай, жамиятдан, ҳаётдан норози бўлиб, боқимандага айланаётган айрим ёшларимизга сабоқ бўлади. Инсон ҳаракат қилса, изланса, қунт қилса, яхши яшаши, ён-веридагиларга ҳам нафи тегиши мумкинлигига исбот бўлади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муқобил энергия-даромад манбаи

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика Вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекцияси» Сурхондарё ҳудудий бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE