Бош саҳифа / Жамият / 252 нафар ёшнинг контракти тўлаб берилди

252 нафар ёшнинг контракти тўлаб берилди

Яхшилик икки жаҳонни орттирур, дейди донолар. Ҳақ гап. Чунки яхшилик кун келиб яхши самаралар бериши ўз исботини топган айни ҳақиқатдир.

Биргина воҳамизни олсак, истеъдодли ёшларимиз кўпчиликни ташкил этади. Аммо, улар қанчалик илмга чанқоқ, интилувчан бўлмасин, айрим моддий тўсиқларга учраши ҳам бор гап. Мисол учун, олий таълимда ўқиш учун тўланадиган шартнома пулини олайлик. Тан олиш керак, бугун аксар оилалар фарзандини ўқитиш учун шартнома пулини тўлашга қурби етмайди.

Ахир, қанчадан қанча шартнома пулини тўлашга имкони етмай, ўқиёлмай, чет элда «қора ишчи» бўлиб ишлашга мажбур бўлган ёшларни биламиз, эшитганмиз. Буни яшириб бўлмайди. Айрим оилаларда эса 2-3 талаб фарзанди турли йўналишларда олий маълумот олиш учун таълим даргоҳларида ўқимоқдалар. Биласиз, талабанинг шартнома пулидан ташқари, юриш-туришию еб-ичишига кетадиган харажатлар ҳам ота-онани яхшигина чарчатади. Аммо, шукрки, бизда боласининг келажагини порлоқ бўлиши, эртага яхши бир мутахассис бўлиб, ўз йўлини топиши учун бор-будидан кечиб бўлса-да ўқитишга тайёр ота-оналаримиз кўп.

Энг қизиғи, бугун вилоят раҳбари ҳам воҳадаги 250 нафар ёшни бағрига босиб, ана шундай оталик қилишга жазм этди. Узоқ вақтдан бери аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилганда, айнан нафар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, аммо оилавий шароити оғир оилаларнинг фарзандлари, чин етим ва етим йигит-қизлар шартнома пулини тўлашда кўмак сўрашгани маълум бўлди. Вилоят ҳокимлиги томонидан ана шундай ёшларнинг 252 нафарининг  1 миллиард 135 миллон сўмлик ўқув-шартнома тўловлари тўлаб берилди.

— Шифокор бўлишни болалигимдан орзу қилардим. Шу орзунинг ортидан эргашиб, Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалига ўқишга кирдим, — дейди Шеробод тумани “Узунсой” маҳалласида яшовчи Маҳлиёхон Абдуллаева. — Аммо контракт пулини тўлаш бироз оғирлик қилди. Бу йил вилоят ҳокимлиги мурожаатимни ўрганиб чиқиб, 6 миллион сўм миқдоридаги қолган контракт пулимни тўлаб берди. Биласиз, шартнома пули вақтида тўланмаса, ўқишдан ҳайдалишим мумкин. Аммо, вилоят ҳокимлигининг ушбу ёрдами айни муддао бўлганидан жуда хурсандман. Энди устозларим бераётган билимларни, дарсларни яхшироқ ўзлаштиришга тиришаман ва албатта, туманимдаги аҳолининг дардига малҳам топа оладиган етук шифокор бўлишга ҳаракат қиламан.

          Маҳлиё каби Термиз шаҳри “Темир йўлчи” маҳалласида яшовчи Мақсуда Тўраеванинг Ангор тумани педагогика коллежидаги 4 млн 200 минг сўм, “Саховат” маҳалласида яшовчи Жавоҳир Рўзибоевнинг  ҳам  Тошкент  давлат техника университети Термиз филиалидаги 6 миллион сўм контракт тўловлари ўтказилиб берилди. Улар ҳам Маҳлиёдек ҳаяжонга тўлиб хурсандчилигини яшира олмай, миннатдорчилик билдиришмоқда. Асосийси, бу ёшларнинг рўйхати анча узун: 252 та.

          1 миллиардга яқин суммани айтиш оғизга осондир, аммо муҳими, шунча маблағнинг келажак учун қурилаётган пойдеворга сарфланганида. Келажакка тикилган ҳар қандай сармоя эса 10 баравар бўлиб қайтиши тажрибада исботини топган.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan