Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Воҳада пахта толаси тўлиқ қайта ишланади

Воҳада пахта толаси тўлиқ қайта ишланади

Мамлакатимизда енгил саноатни изчил ривожлантириш, тармоққа замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида  вилоятда 2017-2019 йилларда 10 дан ортиқ замонавий тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхонаси барпо этилади. Бунинг учун 205 миллион доллардан зиёд маблағ сарфланади.

Иқтисодиётимизда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларни давом эттириш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш, пахта толаси ва ипак хомашёсини чуқур қайта ишлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш йўли билан ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган ушбу лойиҳалар вилоятда етиштирилаётган хомашёни шу ернинг ўзида қайта ишлаш учун кенг имконият яратади. Божхона, солиқ тўловларида имтиёз ва преференциялар берилаётгани тармоқ ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сурхон воҳаси – сифатли пахта толаси ва ипак хомашёси етиштириш учун қулай иқлим шароитига эга. Айни пайтда вилоятда етиштирилаётган ипак хомашёси маҳаллий шароитда тўлиқ қайта ишланмоқда. Бироқ пахта толасини қайта ишлаш атиги 10 фоизни ташкил этади.    Тармоқни янги босқичда ривожлантириш юзасидан қабул қилинган дастур ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини қайта ишлаш қувватини жорий йилда 13,1 ва  2018 йилда 36 фоизга етказиш имконини беради.

Мутахассисларнинг фикрича, замонавий дастгоҳлар ўрнатиладиган тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари пахта хомашёсини сифатли қайта ишлаб, вилоятнинг экспорт салоҳиятини юксалтиради. Хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.

Жарқўрғон туманида ип-калава ва бўз мато ишлаб чиқарадиган «Сурхонтекс» қўшма корхонасида амалга ошириладиган модернизация ишлари корхонанинг йиллик қувватини 9 минг тонна экспорт боп тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга кенгайтиради. 25 миллион доллар маблағ сарфланаётган янги лойиҳа асосида 200 нафар хотин-қиз иш билан таъминланади. Туманда 11 миллион доллар маблағ эвазига қад ростлаётган яна бир тўқимачилик комбинати «Nortex style» хорижий корхонасида йилига 2 минг 500 тонна ип-калава тайёрланади, 120 та янги иш ўрни яратилади.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида фойдаланишга топширилиши мўлжалланаётган “Мўмин текстиль” масъулияти чекланган жамиятининг Шўрчи туманидаги тўқимачилик корхонаси 3 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. 300 та янги иш ўрни яратиладиган корхона қурилишига 6,4 миллион доллар маблағ сарфланмоқда. Қизириқ туманидаги “Қизириқ текс тиль инвест”, Термиз туманидаги «Жануб текстиль» масъулияти чекланган жамиятлари ва Денов туманидаги «Шоҳмоҳкашшоб» агросаноат фирмасининг тўқимачилик корхона-ларида ҳам жаҳон бозорида рақобатбардош ип-калава тайёрлаш ўзлаштирилади.

Маълумотларга кўра, вилоятда йилига ўртача 97 минг тонна пахта толаси етиштирилади. Пахтани шунчаки хом- ашё сифатида сотишдан кўра, ундан рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш иқтисодиётимизга бир неча баробар кўп даромад келтиради. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташқи бозорда талаб юқори бўлган тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга имтиёз ва преференциялар берилаётгани бундай маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда. Айни пайтга қадар вилоятдаги саноқли корхонада пахта толасидан ип-калава, бўз тайёрланган бўлса, эндиликда бўялган ип-калава, трикотаж мато ва тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётир.

Шеробод туманидаги «Шеробод текстиль инвест» масъулияти чекланган жамияти йилига 15 минг тонна ип-калава, 5 минг тонна бўялган ип-калава, 4 минг тонна трикотаж мато, 2 миллион 500 минг дона сифатли тикувчилик маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. Сариосиё туманидаги «Сурхон сифат текстиль» масъулияти чекланган жамияти ҳам ип-калава ишлаб чиқарадиган ва унга сифатли бўёқ берадиган замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Термиз шаҳридаги «Амударё Текс» Ўзбекистон — Анг- лия қўшма корхонасига бўялган ип-калава ишлаб чиқариш ускуналари ўрнатилади. «Сурхондарё қурилиш монтаж» масъулияти чекланган жамиятининг вилоят марказида амалга ошираётган лойиҳаси трикотаж мато, бўялган мато ва 1 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Вилоятда тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғини изчил ривожлантириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган бу каби йирик лойиҳалар босқичма-босқич фойдаланишга топширилгач, етиштирилган пахта толаси тўлиқ қайта ишланиб, 3 минг нафардан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE