Бош саҳифа / Иқтисодиёт / 2017 йилги бюджетнома қабул қилинди

2017 йилги бюджетнома қабул қилинди

2016 йил 27 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2699-сон Қарори қабул қилинди.

2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари макроиқтисодий мувозанатни ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Шу ўринда, қарорда келтирилган “Якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари” тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман.

Якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари йил бошида — 2017 йил 1 январда белгиланган энг кам иш ҳақидан (149 775 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва энг кам иш ҳақи миқдори йил давомида ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди.

Агарда жисмоний шахс бир нечта фаолият тури билан шуғулланса, ҳар бир фаолият тури учун алоҳида-алоҳида солиқ тўлайди, шунингдек, жисмоний шахс тадбиркорлик фаолиятини ижарага олинган ускуналар ва бинода амалга оширса, яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ижарага берувчи тўғрисида маълумотнома (ахборот) тақдим этиши керак ёхуд агар жисмоний шахс давлат рўйхатидан ўтказилмаган жойда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, солиқни рўйхатдан ўтказилган жойда ва фаолиятни ҳақиқатда амалга ошираётган жойда белгиланган ставкалар орасида энг юқори ставка бўйича тўлайди.

Жисмоний шахслар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият турлари амалга оширилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда йиллик ҳажмда ҳисоблаб чиқарилган қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундирадилар. Бунда жисмоний шахснинг давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатаётганлиги далили аниқланган санадан бошлаб ўттиз кун мобайнида унинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ҳолатлари мустасно. Бундай жисмоний шахсга ҳисоблаб ёзилган йиллик қатъий белгиланган солиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда ушбу давр учун қатъий белгиланган солиқ бўйича келгусидаги солиқ мажбуриятлари ҳисобига ўн икки ой мобайнида тўлаш ҳуқуқи тақдим этилади.

Бундан ташқари, 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари қабул қилинганлиги муносабати билан 2016 йил 27 декабрь Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги 417-сонли қонуни қабул қилинди.

Қайд этилган қонунчиликдаги қўшимча ва ўзгартишларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш бўйича 2017 йил 18 январь куни вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Ёшлар маркази” саройида ўқув-семинар ташкил этилиб, унда вилоят Адлия бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти вилоят бошқармаси, давлат солиқ бошқармаси, давлат Божхона бошқармаси ва бошқа мутасадди ходимлар иштирок этишиб, семинар қатнашчиларининг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Бу каби тадбирларни ўтказишдан мақсад, давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қонунларни, ундаги қўшимча ва ўзгаришларни тадбиркорлар ҳамда аҳолига етказиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат.

Маъруфжон
АБДУРАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти вилоят бошқармаси катта инспектори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Шерободдаги сайлов округлари сиёсий жараёнга тайёрми?

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими томонидан ОАВ вакиллари, ТерДУ талабалари, участка сайлов …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan