Бош саҳифа / Жамият / 2,5 тонна қоғоз тежалди

2,5 тонна қоғоз тежалди

Вилоятдаги туман ва шаҳар давлат хизматлари марказларида тежалган қоғоз туфайли 50 туп да-рахт асраб қолинди, 65 тонна сув, 7,5 тонна нефть тежалди.

Милоднинг 100-йилларида қоғоз оммавий равишда ишлаб чиқарила бошлаганини эшитган эдим. Лекин кундалик ҳаётимизда энг кўп ишлатиладиган А4 ҳажмли қоғознинг бир донаси тайёр бўлиши учун 10 литр сув сарфланишини билмас эканман..! Бир тонна қоғоз ишлаб чиқарилмаса 3 тонна нефть, 26 тонна сув тежалиши, 17 туп дарахтнинг омон қолиши мумкинлигини эшитиб, қоғозга бўлган “ҳурматим” янаям ошди…

Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда 500 миллион тонна қоғоз ишлаб чиқарилар экан. Бу 6 миллиард тупдан ортиқ дарахт йўқ бўлди, дегани. Қоғознинг 93 фоизи дарахтдан олинишини ҳисобга олсак, сўнгги 40 йил ичида қоғоз истеъмоли жаҳон миқёсида 400 фоизга ошиб кетган. Бунинг натижасида бутун сайёрамизни қоплаб турган жами ўрмонлар ҳудудидан ҳам каттароқ майдондаги дарахтзорлар кесиб ташланган.

“Жаҳон ресурслар институти” нодавлат тадқиқот ташкилоти шу кунгача сайёрамизда 78 фоиз дарахтзор йўқ бўлиб кетган бўлиши мумкинлигини илгари сурмоқда. Бугун кесилаётган дарахтларнинг 35 фоизидан қоғоз саноатида фойдаланилади. Ваҳоланки, қоғоз ишлаб чиқариш учун сарф этилаётган яшил бойликлар биз нафас олаётган соф ҳаво — кислород ишлаб чиқарувчисидир. Бир туп дарахт бир кунда ўзидан 3 кишига етарли кислород ишлаб чиқарса, дунё ўрмонларида ҳар куни 10 миллион тупдан ортиқ дарахт қулатилади. Ҳисоб-китобларга кўра, ер юзида бир кун қоғоздан фойдаланилмаса, нақд 900 минг тонна қоғоз тежаб қолинар экан.

Бу маълумотларни ўқиб, эшитиб, вилоятимиздаги давлат хизматлари марказлари фаолиятида қоғознинг тежалишини ўзимча таҳлил қилдим. Жумладан, илгари юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишда таъсис ҳужжатларидан бир нусха рўйхатдан ўтказувчи органда қолар эди. Ҳисоб-китобларга кўра, юридик шахснинг бир нусха таъсис ҳужжатлари учун ўртача 50 дона А4 ҳажмдаги қоғоз сарфланади. Эндиликда давлат хизматлари марказлари томонидан юридик шахсларни рўйхатга олишда таъсис ҳужжатларининг электрон базаси яратилаётир. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларини юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш учун биргина Термиз шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан қарийб 35 минг дона қоғоз тежалган. Агар бу кўрсаткич вилоятдаги 14 та туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари ҳисобига кўпайтириладиган бўлса, 490 минг дона А4 ҳажмли қоғоз тежаб қолинганини кўриш мумкин. Бу эса оғирликда 2,5 тонна, маблағ сарфида 35 миллион сўм, дегани.

Бу рақамлар республика миқёсида кўпайтирилса, кўз олдингизда қоғознинг “уюми” ҳам, унга кетадиган маблағнинг “чўғи” ҳам сезиларли даражада пастлаб кетгани яққол намоён бўлади. Демак, вилоятимизда фаолият юритаётган давлат хизматлари марказлари шу йилнинг саккиз ойида биргина юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишда тежалган қоғоз ҳисобидан 7,5 тонна нефть, 65 тонна сувни тежаб, 50 туп дарахтни асраб қолишга ҳисса қўшган бўлади.

Салоҳиддин НОРҚОБИЛОВ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари

агентлигивилоят бошқармаси етакчи маслаҳатчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan