Бош саҳифа / Таълим / 16-мактабда IT билимдонлар ўқитилади

16-мактабда IT билимдонлар ўқитилади

Ахборот технологиялари ривожланиб бораётган айни пайтда ким ҳам фарзандини замонавий билимлар эгаси бўлиб улғайишини хойламайди, дейсиз. Чунки бугун компьютер дастурларини яхши биладиган, билимли мутахассисларга ҳар соҳада эҳтиёж бор.

Энг қизиғи, энди Сурхондарёда ҳам умумтаълим мактабларида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўтиладиган мактаб очилмоқда.

Бу эса Президентимизнинг “Ахборот технологиялари соҳасида таьлим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ-4851-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2008 йил 7 августдаги 173-сон қарори талаблари асосида ташкил этилди.

Қарорга кўра, информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган мактаб сифатида Термиз шаҳридаги 16-умумтаълим мактаби танлаб олинди. Куни кеча мазкур таълим муассасасида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган синфга ўқишга қабул қилиш бўйича тест синови ўтказилди. Имтиҳон 5-синфлар учун ТТА Термиз филиали ахборот ресурслар марказининг ўқув залида бўлиб ўтди.

— 84 нафар ўқувчи ушбу синфда ўқиш истагини билдириб, талабгор бўлди, — дейди Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи Ёқубжон Каримов. — Тест синовлари 3 гуруҳда ўтказилди, унда 76 нафар талабгор математика, она тили ва адабиёт фанларидан тест топширди. 8 нафари эса келмади. Синов жараёнларига 2 нафар тиббиёт ходими жалб этилиб, талабгорларнинг тана ҳароратлари ўлчаниб, махсус текширувдан ўтказилди. Антисептик воситалари орқали дезинфекция қилингандан сўнг тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга киритилди. Талабгорлар орасидан юқори балл тўплаган 30 нафар ўқувчи танлаб олинади.

— Энди 5-синфдан бошлаб фақат имтиҳон асосида ўқувчиларни қабул қиламиз, — дейди мактаб директори Анвар Ибрагимов. — Айни кунларда 4 та синфхонамиз тўлиқ қайта таъмирланиб, нано технологиялар асосида жиҳозланмоқда. Яъни, интерактив доскадан тортиб, проектр, замонавий компьютерларгача келтирилади. Бу эса ўтиладиган дарсларнинг сифатли, ҳам қизиқарли бўлишини таъминлайди. Таъмир ишлари 10 кун ичида якунланса, 5-синф ўқувчилари учун дарслар бошланади.

Яна бир гап, бундай синфлар келгуси ўқув йилидан яна 6 та мактабда очилиши кутилмоқда. Уларнинг айримлари туманларда ҳам бўлади, албатта.   

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

42 yil avval uchinchi Renessansni boshlagan ayol

Aksariyat odamlardan rahbarlikka ishtahasi boryo‘qligini so‘rasangiz, jon-jon, deya bunga rozi bo‘lishini aytadi, tag‘in boshqa birovlar …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan