Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига

БОШОҚ ТЕРГАН ҚЎЛ

Етти яшар набиранинг “Бобожон, урушга борганмисиз?” деган гапи Тўрақул бобонинг хотираларини остин-устун, ағдар-тўнтар қилиб юборди… Қоқ миясига биров гурзи туширгандай бўлди…  Нафаси димоғига тиқилди. Ажиндор пешонасини тер босди. Чорбоғ этагидаги қўзибулоқ томон юрди. Юзини ювди. Ариқ бўйига ўтирди. Салласини қўлига олди, қайта-қайта ўради… Олисларда қолиб кетган хотиралари кўз олдидан бир-бир ўтди. Ортда қолган кунларни эслади…

…Иккинчи жаҳон уруши йиллари эди. Кенжа укани фронтга олиб кетиш ҳақидаги повестка Тўрақулнинг юрагини орқага тортгандай бўлди… Эти увишди, бадани жимирлади, боши ғувиллай бошлади… Икки укаси ортидан қора хат келганига ҳали кўп бўлмаган… Ота-онасидан ёлғиз ёдгор — кенжа уканиям уруш олови ўзига тортаётганидан кўнгли азобланди.  Яшашдан-да, тирикликдан-да кўнгли қолди… Ташқарига чиқди.., сўридаги тол келини синдирди.., повесткани йиртди.., келитошни отди..!  Эшагини минди-да селсовет томон жўнади…

—Командиржон, оғагинам! Шу кенжа укамни урушга обкетманглар.., сизлардан энг катта илтимосим..! У ҳали кў-ўп ёшда, ўн саккиз-а! Онам раҳматли уни туғиб тузук эркалолмай кўз юмди… Дунёга келиб онамнинг меҳрига тўймаган укамда.., нима қилай! Ўрнига мен борайин, мана келдим… тайёрман, -дея зобитга ёлворди Тўрақул.

—Сенга АКТ ёзилган, бир қўлинг қийшиқ! Милтиқ ушлолмасанг, жанг қилолмасанг,-деб ўдағайлади командир.

—Оғажон, командирбой! Ҳеч бўлмаса солдатларга чой-пой қайнатиб бераман. Қийшиқ қўлим қозон-ўчоққа ўтин қалашни эплар..! Укам узоқларга кетмасин дейманда… Кун кўрмай катта бўлди-да шу жигарим… Унинг жойидан мени обкетинглар..!

Ҳарбий жим қолди… Кўкрагидаги чап чўнтагига чап қўлини солиб сигаретини олди, тутатди, чуқур-чуқур тортди. Осмонга қараб пуфлади. Селсовет идорасининг ёнига ўтди. Тоғларга боқди. Адирларга қаради…

Шу пайт Тўрақулнинг юзи ёришгандай, кўнглида урушга кетишга умид учқунлагандай бўлди. Худдики, борасолиб урушни тўхтатадигандай, ажратиб ололмаётган дунёни бўлиб берадигандай бўлди…  Жанг қилаётганларга: “Эй, одамзот! Нима қиласан, бунча бир-бирларинг қонингни тўкиб..! Борар жойимиз икки қулоқ ер бўлса..! Икки қош орасидай — қисқа умрингни хазон қилма! Қўй, тўхтат!” дейишни-да  хаёлига келтирди…

Бир зум ўтиб командир сигарета қолдиғини Тўрақулнинг эшаги томон чертди-да:

— Бор, кўпам бошимни қотираверма! Эртага эрталаб уканг шу ерда бўлсин. Шу ердан жўнаймиз. Қишлоқда сенга лойиқ,  сен қиладиган ишлар кўп..! Бошоқ терасан.., мол боқасан.., ер ҳайдайсан…

Тўрақулнинг ҳафсаласи пир бўлди… Уйига қайтди. Эшагини боғлади. Айвондаги шолча устига ёнбошлади, этигини ечмади… Кўзи илингандай бўлди…

Командирнинг қийшиқ қўл дегани Тўрақулга оғир ботди. Юрагига найза қадалгандай, оёғи остида бомба портлагандан-да ёмон бўлди…

—Эҳ, уйинг куйгур.., мени бундай деди-я, қийшиқ қўл деди-я… Ундан кўра пешонамдан отиб ташласа яхшийди..! Қани биров сўрамайдиган замон бўлганда кекирдагини узиб олардим, -дея ўксинди. —Шу қўлларим билан буғдой экдим — хирмон янчдим, бошоқ тердим… Таёқ ушладим — мол боқдим, ариқ қазидим — боғ яратдим. Китоб ўқидим — савод чиқардим… Шу қийшиқ қўлларим билан отамни тупроққа қўйдим… Онамни сўнгги манзилга кузатдим… Нон топдим, рўзғор тебратдим, укаларимга бош бўлдим..!

Урушнинг инсоният бошига келтирган кулфатлари ҳақида ўйлаган сари Тўрақулнинг бошида қаттиқ  оғриқ турди. Ичини дард кемираётгандай бўлди…  Фронтда кечаётган жангу жадалларни, юрт учун олов кечиб юрган  тенгқурларини, ҳамқишлоқ йигитларни кўз олдига келтирди… Желагини кийди, белбоғини ўради… Аёлининг тандирдан энди узган кулчаларидан иккитасини қўйнига солди-да қўшни ҳовли томон юрди…

Бибисора моманинг тушакка ётиб қолганига бир йилга яқин бўлди. Тўрақул билан тенгдош ўғлининг урушдан қўлтиқтаёқда қайтганини кўрган она  кўп азоб чекди, дарди оғирлашди…  Ўғлига қараб баъзан: “Мен сени бундай дунёга келтирмагандим-ку, болам” дея ич-ичидан йиғлайди.., кўз ёш тўкмай йиғлайди…  

Ўғил эса жони оғриб турса-да  кўзи очиқ — тирик эканидан, дардманд бўлса-да — онаси борлигидан, волидаси билан суҳбатлашиб, дийдорлашиб турганидан  Яратганга шукр қилади. Баъзан эса кулгига олиб:

—Онажон! Мени кучли, полвон қилиб катта қилганингиз учун ҳам юз душманга бир ўзим бас келдим-да… Ватан ори, шу тупроқ учун кўкрагимга тиғ ботса-да.., қоним тўкилса-да… сиз учун ўлмадим.., сиз учун тирик қайтдим..!-дея онанинг ўксик кўнглигини кўтаргандай бўлади…

Бу гал қўшни ҳовлидаги гурунг узоқ чўзилди. Тўрақул Бибисора моманикида анча қолиб кетди. Уканинг урушга кетиши ҳақида гап очишга  кўнгли бўлмади.., тили айланмади… Беғубор болалигини, ёруғ хотираларни эслади. Осойишта кунлардан умидвор қўллар дуога очилди…  

Қош қорайди. Ука даштдан қайтди. Арқонни ечди,  ўтинни уловдан туширди… Ўчоқ бошига шувоқни қулочлаб-қулочлаб қалади… Шувоқ исини ҳидлаб-ҳидлаб қалади… Шувоқ бурига юзини босиб-босиб қалади…  Хуржунни тутилгакка осди, қадоқ қўлларни ювди, кадига солинган жийдадан бир сиқим олиб еди…  Ариқ сувининг жилдирашига қулоқ тутди… Тўлин ойга боқди… Чўмич юлдузга қаради… Акасининг чопонини ёпинди…   

Алвон-алвон қизғалдоқлар қишлоқ бўйлаб сеп ёйган ажиб дамларда, тоғдаги гиёҳлар ифори уфуриб турган тонгда ака-ука қабристон томон юрди… Мозор ёнига тиззалади… Титроқ лаблар қимирлади: оят ўқиди… калима қайтарди… “Қийшиқ қўл” дуо қилди… Ота деди… онажон деди…

Ука урушга кетди..!

Салоҳиддин Норқобилов

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги шеърлар

Билиб бўлмас Яхшилар ҳеч эсдан чиқмас, ёмонотни билиб бўлмас, Турфа феълу, турфа аъмол, одамзотни билиб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan